Она ва бола соғлом бўлса
оила бахтли, кўнгил хотиржам, жамият обод бўлади
"… Муҳтарам юртдошлар! Энди сиз, азизлар билан юртимизда шаклланган анъаналаримизга кўра, кириб келаётган янги — 2016 йилга қандай ном бериш ҳақида маслаҳатлашиб олишимиз керак..." Ойнаи жаҳонда Президентимиз Ислом Каримовнинг ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимидаги маърузаси берилаётган эди. Хонадонимиз тўла меҳмон. Шу вақт ҳамма бутун диққатини ойнаи жаҳонга қаратди. Ажиб жимлик...
… Маълумки, бу ёруғ оламда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд бор дея давом этди муҳтарам Юртбошимиз. "Ҳар қайси онгли инсон жондан азиз фарзандининг бахтини, камолини ўйлаб, ҳамиша эзгу орзу-интилишлар билан яшайди, ўз зурриёдининг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлишини истайди.
Соғлом бола, соғлом авлод орзуси аждодларимиздан бизга ўтиб келаётган, қон-қонимизга сингиб кетган азалий интилишдир. Агар ота-боболаримизнинг турмуш ва тафаккур тарзига назар солсак, улар инсоннинг насл-насабига, етти пуштининг тозалиги, авлоднинг соғлигига жуда катта эътибор берганини кўрамиз.